Ижтимоий тармоқларда "Тошкент вилоятида (Ўртасаройда) "Док-1 Макс" дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот этди", деган мазмунда тарқаган хабарлар ортидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига "ДОК-1 МАКС сиропи" истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган.
Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача "ДОК-1 МАКС" препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.
Тошкентда ҳам ўнлаб бола "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилгани хабар қилинди.
Шунингдек, 2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётган болакайнинг вафот этгани айтилмоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда "Quramax" компанияси дорилари савдосини тўхтатиш бўйича топшириқ берди.






