Ўзбекистонда 20 га яқин боланинг ўлимига сабаб бўлган "Док-1 Макс" дорисини ишлаб чиқарувчи Ҳиндистоннинг "Marion Biotech Pvt. Ltd" компанияси раҳбари Хасан Ризо мазкур сиропларни ишлаб чиқариш тўхтатилганини маълум қилди.
"Ўлим ҳолатларидан афсусдамиз, ҳукумат тергов ўтказмоқда. Унинг натижаларидан келиб чиқиб, тегишли чораларни кўрамиз. Намуналар олинган. Ушбу маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилган, қолган жараёнлар давом этмоқда", — дейди Хасан Ризо ANI нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди.
Ҳиндистон ҳукумати "Док-1 МАКС" дорисини Ўзбекистонда болаларнинг ўлимига алоқадорлиги ортидан ишлаб чиқарувчи "Marion Biotech" компаниясига қарши суриштирув бошлаган.






