Аввал хабар берилганидек, айни дақиқаларда давлат раҳбари Парламент ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилмоқда.
"Биз келгуси йил Давлат дастурига халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимлари билан киритамиз.Ушбу жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилигимиздан фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришларини сўрайман", — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди:
"Энди, 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчи йўналиш – ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қиламан. Нима учун сўзни айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаяпман?
Олд́инлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун, олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Буни қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди.
Кундан-кунга иқтисодиётимизда янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда. Бу борада, хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида, энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди", — Президент.
"Вазирлик ва ташкилотлар сони қисқартирилади. Улар 61тадан 28тага камайтирилади. Ким ишлайди дейиш мумкин, топилади ишлайдиганлар. Ишсиз қолганларга ҳам иш топиб берамиз. Лавозимига муносибларгина ишида қолади. Ҳар бир вазирнинг мавқеи ва шунга мос равишда жавобгарлиги ҳам оширилади. Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади", - деди президент.






