Аввал хабар берилганидек, айни дақиқаларда давлат раҳбари Парламент ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилмоқда.
"Жонажон Ўзбекистонимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўймоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда. Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланаяпмиз. Якунига етаётган 2022 йил – ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди, десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиёт – фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!"- деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Таққослаганда, 2018 йилда 52 миллиард доллар бўлган.
"Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса, 19 миллиард долларга етди (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлган). Бундай катта натижалар илгари бўлмаган", — дея қайд этди Ўзбекистон Президенти.






