Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов халқаро диний эркинлик масалалари бўйича махсус топшириқ бўйича AҚШ элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашди.
Aмерика томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Диний эътиқод эркинлигини таъминлаш, диндорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг муҳим йўналиши экани таъкидланди.
Рашад Ҳусайн Ўзбекистонда фуқароларнинг диний соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мамлакатимизда конфессиялараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, Фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан диний ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларнинг натижаларини мамнуният билан таъкидлади.
Шунингдек, Aмерика томони диний маросимларни бажариш ва диндорлар томонидан ўз эътиқодларини ифодалаш учун янада кенгроқ шарт-шароитлар яратилиши муҳимлигини таъкидлади. Рашад Ҳусайн бу борадаги ислоҳотлар давом этишига, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга умид билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.






