АсосийJamiyat

Танзила Нарбаеванинг қизининг уйидан 12,5 минг АҚШ доллари ўғирланди. Гумондорга ИИБ ходимлари томонидан куч ишлатилгани айтилмоқда

'Танзила Нарбаеванинг қизининг уйидан 12,5 минг АҚШ доллари ўғирланди. Гумондорга ИИБ ходимлари томонидан куч ишлатилгани айтилмоқда'ning rasmi

Бугун ижтимоий тармоқлар ва бир нечта интернет нашрларида Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг Дўрмондаги уйига ўғри тушгани, 12 500 доллар ўғирлангани, гумонланувчи шу вақтнинг ўзида 15 дақиқа ичида ушланиб, 15 дақиқада суд қилиниб, қамоққа олингани ҳақидаги хабарлар тарқади. Жабрланувчи, Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи  Н.К. ҳолат бўйича тафсилотларни маълум қилди. Бу ҳақда “human” нашри хабар қилди

Маълум бўлишича, гумонланувчи 37 ёшли Д.Т. Мирзо Улуғбек туманида жойлашган, махсус қўриқловга олинган Дўрмон комплексидаги 22-уйда энага сифатида ишлаб келган. У 2 ноябрдан 6 ноябргача бўлган навбатчилик вақтида уйдаги жавон ичидан уй бекасига тегишли 12,5 минг долларни яширин равишда талон-торож қилганликда гумон қилинган. Ва 2022 йил 26 ноябр куни гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилган. Гумонланувчига 2022 йилнинг 2 декабр куни Мирзо Улуғбек тумани прокурори илтимосномаси билан Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ажримига мувофиқ қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Дарё.уз” нашрига кўра, гумонланувчи аёл 2022 йилнинг 7 декабр куни соат 15:50 да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган, манбаларнинг маълумот беришича Тошкент шаҳар прокурорига ариза ёзиб, 2022 йил 2 декабрдан гумонланувчи сифатида Тошкент шаҳар ИИББнинг вақтинча сақлаш хонасида ушлаб турилганини, 5 декабр куни соат 6:00 ларда эса Дилмурод исмли терговчи ҳамроҳлигида вақтинча сақлаш биносининг тўртинчи қаватига олиб чиқилиб, айбини бўйнига олиши учун қийноққа солинганини маълум қилган.

"2022 йил 5 декабр куни соат 6:00 ларда мени Дилмурод терговчи хонасига олиб борди. У ерда Мирзо Улуғбек туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходими Бекзод келиб, Дилмуродни тергов бўлими ходими деб айтди. Дилмуроднинг хонаси тўртинчи қаватга олиб чиқди. У ерда менга аввал яхши гапиришди, кейин Бекзод менга бақирди ва чап оёғимни оёғи билан босди. Кейин менга жисмоний машқлар қилдирди ва жисмоний зарар етказди. Елкамга, қўлимга мушт қилиб урди. Кейин менга ҳозир кийимингни еч, расмга олиб эрингга жўнатаман, деб мажбурлади. Мен улардан бу ишни қилмаслигини сўрадим.

Ҳозирда касал эканимни айтдим. Кейин улар буни инобатга олиб, ўтқазишди ва қўлимга қоғоз тутқазишди. Улар менга ўғриликни бўйнингга ол, 100 доллар олган бўлсанг ҳам ёз дейишди. Улар шундай қилсам, мени чиқариб юборишларини айтишди. Мен эса пул олмаганимни айтдим. Улар шундан кейин сен билан эртага гаплашамиз, дейишди, — дейилади гумонланувчи аёлнинг Тошкент шаҳар прокуратурасига ёзилгани айтилган аризасида.

    Бошқа янгиликлар