Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши давлат университетида бўлиб, олийгоҳнинг 8-талабалар турар жойини ва Тиббиёт факультети биносини тантанали очилиш маросимидан сўнг фаоллар залида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.
Мулоқотда талабалардан бири соҳага қизиқувчи кўнгилли талаба-ёшлардан иборат танқидларга жавоб қайтарувчи "Ёш блогерлар" жамосини тузиш ва улар учун зарур бўладиган моддий-техника воситалари билан таъминлаш таклифини билдирди. Вилоят ҳокими эса талабани ҳокимликка ишга қабул қилди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳолат бўйича расмий муносабат билан чиқди. Унга кўра:
— Вилоят ҳокими талаба-қизнинг бошқа масалаларда ҳам берган фикрлари, мулоқот давомида фаол бўлганлигини ҳисобга олиб, вилоят ҳокимлигига ишга қабул қилишини айтди. Яъни, агар талаба ишга қабул қилинган тақдирда ҳам лавозими доирасидаги ишни олиб боради. Масалан, ҳокимликнинг ижтимоий бўлимига ишга ўтса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида, туризм бўлимига ишга ўтса, туризм соҳасини ривожлантириш борасида иш олиб боради.
Вилоят ҳокими томонидан талаба-қизга иш таклиф қилингани –ёшларга берилаётган эътибор, уларнинг интилиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва шу орқали, бошқа ёшларга ҳам мотивация беришдан иборат. Бу ўринда, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёшлар, хусусан, талабаларни ишга жойлаштириш, уларнинг қўшимча даромад топиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимо вилоят ҳокимининг эътиборида бўлиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 11 ойи давомида ҳозирда талаба сифатида кундузги бўлимда ўқиётган 3 мингга яқин ёшларни ишга жойлаштирилгани бу борада олиб борилаётган ишларнинг яққол намунасидир.






