Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мажлисда депутатлар дастлаб “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Бу каби омиллар эса амалиётда турли муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ушбу ҳужжатда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарлик, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатлари ўз аксини топмоқда. Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.






