Ижтимоий тармоқларда Зангиота туман электр тармоқлари корхонасида Диспетчерлик марказида бир гуруҳ фуқароларнинг навбатчи диспетчер билан ўзаро жанжали акс этган видео тарқалди. Ҳолатга “Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 27 февраль куни Зангиота туман электр таъминоти корхонаси диспетчерлик хонасига бир гуруҳ фуқаролар кириб свет ўчишидан норозилик билдиришган ҳамда
навбатчи диспетчер Луқмонов Сирожиддинни турли хил куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, унга тазйиқ ўтказишган ҳамда телефон аппаратлари ва бошқа жиҳозларга шикаст етказишган.
Шундан сўнг мазкур ҳолат видеоси жорий йилнинг 4 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Видео тарқалгач Луқмонов Сирожиддин томонидан туман ички ишлар бўлимига ариза билан мазкур қилмишни содир этган фуқаролар хатти-ҳаракати устидан мурожаат қилинди. Ҳозирги кунда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ижтимоий тармоқ админлари ҳамда фуқаролардан бундай асосланмаган ва эски хабарларни тарқатмасликларини сўрайди, дейилади хабарда.






