АсосийJamiyat

97 давлат тажрибаси, 64 нафар мутахассис ва икки йиллик изланиш… Ўзбекистон Конституцияси яратилиш тарихини биласизми?

'97 давлат тажрибаси, 64 нафар мутахассис ва икки йиллик изланиш…  Ўзбекистон Конституцияси яратилиш тарихини биласизми?'ning rasmi

Бугун, 8 декабрь - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлди. Сана муносабати билан бош қомусимиз яратилиш тарихига назар солдик.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси лойиҳасини  яратишда дунёдаги 97 та давлат тўплаган илғор тажриба ҳамда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибаларимизга таянилган.

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилган ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланган. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.

Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси кенг тус олган. Бу муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача давом этган.

Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 га яқин хат келиб тушган. Республика матбуотининг ўзида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материалларэълон қилинган. Ўшанда фуқароларимиз томонидан билдирилган таклифлар сони 5 мингданошиб кетган эди. 

Шундан сўнг, Конституция лойиҳаси иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди.

Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ваҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтган.

Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Кундалик ҳаётимизда биз дуч келадиган ҳар бир ҳолат қайсидир қонун ёки бошқа бир норматив ҳужжат билан тартибга солинишини 
ва шу тартибга солувчи ёки эркинлик (имтиёз) берувчи қонунларнинг “ўсиб чиқадиган” бошланиш нуқтаси Конституцияга бориб тақалишини инобатга олсак, биз эшитавериб қулоқларимиз ўрганиб қолган Конституциянинг аҳамияти аслида қай даражада катта эканлиги янада ойдинлашади.

Дунёдаги илғор миллатлар ўз Конституцияларининг аҳамиятини яхши англайдилар, уни ҳурмат қиладилар ва ўзгалардан ҳам шуни талаб қиладилар. Қонунларга ҳурмат эса аввало уни билишдан бошланади.

Бектурсун Муродқосимов, ҳуқуқшунос,

 

    Бошқа янгиликлар