Туркия биринчи хоними Эмина Эрдоған украиналик етим болалар яшаётган болалар уйига ташриф буюрди. Бу ҳақда Sabah нашри хабар берди, деб ёзади azon.
Туркияда болалар уйи оддий кўп хонали бинолардан иборат. Бу ерда украиналик болалар ижтимоий хизмат ходимлари назорати остида яшамоқда. Бу каби болалар уйлари Анқара ва Анталияда жойлашган. Тил муаммоси туфайли болаларга туркиялик тарбиячилар билан бирга, Украинадан эвакуация қилинган ходимлар ғамхўрлик қилмоқда.
Эътиборлиси, бу болаларга таом қўшни болалар уйидаги катта ёшли ўсмирлар томонидан тайёрланади. Анқарада Одессадан кўчирилган етим болалар яшайди, уларнинг энг кичиги 10 ойлик. Баъзи тарбияланувчиларнинг саломатлигида муаммолар бор ва улар алоҳида назоратга олинган. Эмина Эрдоған бетоб 7 ёшли боланинг муолажасини муҳокама қилди.
“Мен ўзим уларнинг ҳолидан хабар олишни истагандим. Уларга қандай ғамхўрлик кўрсатилаётганини кўрмоқчи эдим. Бу жой улар учун янги бўлса-да, болалар бахтиёрлигини кўряпман. Албатта, уларнинг ҳарбий ҳаракатлардан азият чекмаслигига умид қиламан. Бу ерда одамлар ўз жароҳатларини тузатишига ва ўз ватанига қайтишига ишонаман”, – деган биринчи хоним.
Эмина Эрдоған дунёдаги барча давлатлар украин халқига ёрдам беришга жавобгар эканини ва тинчликни тиклашга масъул эканини қайд этган. Шу билан бирга у Туркия Украинадан кўпроқ болаларни эвакуация қилишга тайёрлигини билдирган.






