АсосийJamiyat

"ИИБ биносидан чиққан". Бухорода вафот этган фуқаро бўйича прокуратура маълумоти ИИВникидан фарқ қилди

'"ИИБ биносидан чиққан". Бухорода вафот этган фуқаро бўйича прокуратура маълумоти ИИВникидан фарқ қилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Вобкент туманида 1985 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Қ.нинг ИИБ биносида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сал аввал ИИВ матбуот котиби ва Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати фуқаро ИИБ биносига кирмасдан, қайтиб кетган ва таксида мазаси қочганини маълум қилганди. Айни пайтда Бухоро вилояти прокуратураси ҳам ҳолат бўйича маълумот тақдим этди. 

Қайд этилишича, 25 ноябрь кунидан 26 ноябрь кунига ўтар кечаси фуқаро Қ.Х. шериклари билан бошқа фуқарога тегишли бўлган иссиқхонага ғайриқонуний равишда кириб, “БК” русумли кондиционерни, радиаторларини ўғирлаётган вақтларида ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.  

26 ноябрь куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари томонидан Қ.Х.га видеотасвирга туширган ҳолда ҳимояга бўлган ҳуқуқлари тушунтирилган ва ундан ҳолат бўйича тушунтириш хати олиниб, уйига юборилган.  Текшириш якунига кўра, Қ.Х. ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.  

Аниқланишича, 28 ноябрь куни соат таҳминан 15.00 ларда фуқаро Қ.Х. Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан чиқиб, таксига ўтирган ва “Файзиобод” жомъе масжидига олиб боришни буюрган.  

Такси ҳайдовчиси берган кўрсатмасига кўра, “Файзиобод” жомъе масжиди олдига етиб боргач, йўловчи хушсиз ҳолатда бўлганлигини кўриб, уни дарҳол шифохонага олиб борганлигини билдирган.  

Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамасдан Қ.Х. шифохонада вафот этган. Марҳумнинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизаси мутахассислари томонидан кўздан кечирилганда, унинг баданида бирор-бир тан жароҳати излари аниқланмаган.  

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум “Тутқаноқ” касаллиги оқибатида вафот этганлиги маълум қилинган.  

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар