Давлат раҳбарининг 2019 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, Тошкент вилояти ҳокимлиги “Қорабайир отчилик мажмуаси” ҳамда “АБС Оққўрғон кластер” пахтачилик кластери билан ҳамкорликда “Қорабайир отлар марафони” ташкил этмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятидан Самарқандга қорабайир отлари карвони йўлга чиқди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди. Бугун, тонгда Нурафшон шаҳридаги янги “Smart city” ҳудудида марафонга старт берилди.
Тошкент вилоятидан Самарқандга қорабайир отлари карвони йўлга чиқди
Маълум қилинишича, марафонда Ўзбекистоннинг машҳур чавандозлари Капитал, Юлдуз, Карол, Лимон, Мираж, Наврўз, Оқсарой, Олмос, Садаф, Сангар, Тўриқ, Қалдирғоч, Мамлюк, Сапсан, Истанбул, Комиссар, Барон, Граф, Бургут, Тўфон лақабли тулпорлари билан Нурафшон шаҳридан рўйи замин сайқали Самарқандгача йўл босиб ўтишади.
Чавандозлар 330 километр масофани босиб ўтиб, 7 декабр куни Самарқанд шаҳри, Регистон майдонига кириб боришади.
Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал, 2020 йил 1 декабрь куни Қорабайир зотдор отлари Қашқадарёдан Тошкентга қараб йўл олган ва 431 км. йўл босиб, 6 декабрь куни пойтахтга етиб келган эди. Чавандозлар пойтахт кўчаларида айланиб, қорабайирнинг қудратини намойиш этишган.






