Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация Польшага ташриф буюради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 29-йиғилишида иштирок этиш учун Польшанинг Лодзь шаҳрига ташриф буюради.
"Тадбирда ЙХҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва Ташкилот фаолиятининг айрим жиҳатлари юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган", дейилади хабарда.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси бир қатор икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.






