Самарқандда кеча, 21 ноябрь куни юз берган йўл транспорт ҳодисаси бир кишининг ўлими билан якун топди.
Вилоят ИИБ мазкур ҳодиса ҳақидаги ахборотлардан хабардор қилди.
Маълум қилинишича, кеча соат 13:00ларда Каттақўрғон тумани “Муллакўрпа” маҳалласи ҳудудидан ўтган ички йўлда Lada русумли автомашина олд томонидан ҳаракатланиб кетаётган Cobalt русумли автомашинанинг орқа чап томонига урилиб, бошқарувни йўқотиб, олд томонидан ҳаракатланиб келаётган Damas русумли автомашинанинг олд чап томонига бориб урилган. Дамас русумли автомашина эса орқа томонидан харакатланиб келаётган Tiko ва Lacetti русумли автомашиналарга урилиб, уларга шикаст етказган.
Йўл транспорт ҳодисаси натижасида Damas русумли автомашинанинг ҳайдовчиси Д.Л. олган тан жароҳатлари сабабли туман марказий шифохонасида вафот этгани айтилади.
"Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилмоқда хабарда.






