АсосийJamiyat

Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин

'Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин'ning rasmi

Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Германия туристик ассоциясияси (DTV – Deutscher Tourismusverband) президенти Норберт Фиебиг бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълумот учун, Германия туристик ассоциацияси (DTV) 1950 йил 10 августда Франкфурт-на-Майнда Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси сифатида ташкил этилган. DTV – Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ташкилоти бўлиб, туризм соҳасида мамлакатнинг 90 фоизини қамраб олувчи 10 мингдан зиёд аъзоларни ўз ичига олади, жумладан, туристик компаниялар, меҳмонхоналар, авиакомпания ва транспорт компаниялари унинг аъзоси ёки ҳамкори ҳисобланади.  

Вазирликдаги учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Европада кенг тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида “Destination Forum” (“DTV”га аъзо энг йирик ва салоҳиятли туристик ташкилотларнинг туристик форуми) лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини катта тажрибага эга бўлган “DTV” ассоциациясининг маркетинг ресурсларидан фойдаланган ҳолда кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири эканлигини дунёга кўрсатиш, Германиядан Самарқанд шаҳрига тўғридан-тўғри чартер рейсларни йўлга қўйиш, биргаликда “Узбекистан” туристик брендини Европага олиб чиқиш, юртимизга DTV таркибига кирувчи энг йирик ва энг салоҳиятли туристик ташкилотлар ҳамда туристик операторлар ташрифини ташкил этиш каби масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Учрашув якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда ДТВ ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган барча масалаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро медиа режа лойиҳаси ишлаб чиқиш, шунингдек, 2023 йилнинг апрель ойида “Destination Forum” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар