АсосийJamiyat

“Биз борини йўқликка маҳкум этяпмиз”. Маданият вазирлиги дўконга айлантирилган тарихий бинога муносабат билдирди

'“Биз борини йўқликка маҳкум этяпмиз”. Маданият вазирлиги дўконга айлантирилган тарихий бинога муносабат билдирди'ning rasmi

Биров аввал ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти “Бекобод цемент АЖ”га қарашли бўлган “Бекобод цемент маданият уйи” биносининг ташқи кўриниши ўзгартирилгани муҳокама қилингани ҳақда хабар берган эдик. 

Шунингдек, ҳолатга Маданий мерос агентлиги ушбу бино маданий мерос объекти сифатида қайд этилмаганини маълум қилган эди

Маданият вазирлиги ҳам ҳолатга муносабат билдирди:

"Гарчи маданий мерос обекти сифатида қайд этилмаган бўлса-да, ўз тарихига, ўзига хос архитектурага эга ушбу иншоотга бундай муносабат ҳар қандай киши дилини хира қилиши турган гап.

Балки ташаббускорлар бино қаровсиз ҳолда бўлганини, шунинг учун ҳам уни тадбиркор таъмирлаб, аҳолига савдо хизмати кўрсатиш мақсадида ижарага олганини, обектдан унумли фойдаланиш нуқтаи назаридан бажарилган иш тўғри, дея ўзларини оқлашар. Лекин нима учун бу саъй-ҳаракат иншоотнинг асл ҳолатини йўқ қилиш эвазига бўлиши керак? Наҳотки шундай ўзига хос меъморий қиёфани сақлаб қолиш ҳақида ҳеч ким қайғурмаган бўлса?! 

Ёки шундай эзгу ташаббусни бевосита маданият ривожига ҳисса қўшишга йўналтирса бўлмасмиди?! Яъни бинони тадбиркорлар кўмаги билан маҳаллий аҳолига намунали маданият хизмати кўрсатадиган замонавий масканга айлантириш ҳам мумкин эдику?! Ушбу мақсад ҳам, шубҳасиз, одамларни мамнун этган бўларди.         

Шу каби ҳолатлар тарихга қайта ва қайта мурожаат қилишга ундайди. Буюк Соҳибқирон Турон ўлкаларида вазият қандай бўлишидан қатъи назар, халқ маданияти, маънавияти ривожи учун хизмат қиладиган бино ва иншоотларни барпо этишни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаган.

Биз-чи? Гоҳида борини йўқликка маҳкум этяпмиз. Қайсидир маънода ўтмишдан андоза олишни унутдик, назаримизда.

Нима бўлганда ҳам Маданият уйлари халқ маданияти, маънавияти ривожига хизмат қиладиган, ёш истеъдодларни тарбиялайдиган маскан бўлиб қолгани мақсадга мувофиқ. Бу тушунча одамлар онгу тафаккурига чуқур сингишига эришмагунимизча шундай салбий ҳолатлар юз бераверади" дейилади вазирлик муносабатида.
 

    Бошқа янгиликлар