2022 йил 3 ноябрь куни Самарқанд тумани “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида унга “аччиқ қилиб”, ўзини 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда Самарқанд тумани “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборгани ҳақида хабар берилган эди.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Аёлга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланган.
Таъкидланишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Воқеа тафсилотларига кўра, 2022 йил 1 ноябр куни 26 ёшли аёл қайнонаси С.Қ. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжалдан сўнг 3 нафар фарзанди билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.
Орадан икки кун ўтгач, 3 ноябрь куни А.Қ. қизини онасининг уйидан, ўғилларини боғчадан олиб чиққан. Сўнг Дарғом каналининг Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига келиб, ўзи ва фарзандларини ўлдириш мақсадида сувга ташлаб юборган. Ҳодисани кўриб қолган “Оқ-амур” деб номланган ошхона ишчилари томонидан А.Қ. ҳамда унинг 2 нафар фарзанди сувдан чиқариб олинган.
Аёлнинг бир нафар фарзанди воқеа жойида вафот этган. Иккинчиси сувда оқиб кетган. 2022 йил 13 ноябрь куни А.Қ.нинг оқиб кетган фарзанди мурдаси Дарғом канали қирғоғидан топилган.






