Таҳлилларга кўра, жаҳонда юз бераётган ўлим ҳолатларининг қарийб 60 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқмоқда.
Шу сабабли Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда энг илғор инновацион технологиялар, ташхислаш ва муолажа усулларини жорий этишга катта эътибор қаратиляпти.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида илк бор очиқ юракда мураккаб кардиохирургик операциялар бажариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
15 ноябрь куни муассасада тажрибали юрак-қон томир жарроҳи Мустафо Обейд бошчилигидаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар иштирокида очиқ юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал ва аортал клапанларни алмаштириш операциялари амалга оширилди.
Таъкидлаш лозимки, филиалда кадрлар салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илғор даволаш-диагностика усуллари,кам инвазив муолажа турларини амалиётга жорий қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кардиохирургия ва ангиография хизматини Бухоро вилоятида кенг татбиқ этиш учун замон талабларига мос “Ангиохирургия” биноси қад кўтармоқда.
Қолаверса, филиал мутахассислари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги маркази, Ҳиндистоннинг “Jaypee” клиникаси, Туркиянинг Башкент университети госпиталида, Озарбайжоннинг “Almaz akademy” ўқув марказида малака ошириб келмоқда, дейилади хабарда.
17.11.2022 09:14
Бухорода илк бор очиқ юракда мураккаб кардиохирургик операциялар ўтказилди






