Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Юнусобод туманида 4 автомобиль иштирокида аянчли авария содир бўлгани акс этган видео тарқалди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса бугун соат 21:10 ларда Тошкент шаҳар, А.Темур кўчаси, ТАТУ университети қаршисида юз берган.
1) Ҳайдовчи, 2000 йилда туғилган А.К. бошқарувидаги "Lada Vesta" русумли;
2) ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Л.М. бошқарувидаги "Equinox" русумли;
3) ҳайдовчи, 1998 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги "Mercedes-Benz" русумли;
4) йўл четида тўхтаб турган "Nexia" русумли (ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилмоқда) автомобиллари иштирокида тўқнашув содир бўлган ва "Equinox" автомобили ағдарилган.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг хабар беришича, ҳодиса натижасида "Equinox" русумли автомобиль ҳайдовчисига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
"Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини сўраймиз", — дейилади ахборотда.






