АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 15 ноябрдан 15 декабрга қадар "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" ўтказилади (видео)

'Ўзбекистонда 15 ноябрдан 15 декабрга қадар "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" ўтказилади (видео)'ning rasmi

Қиш иситиш муаммоси билан боғлиқ фожиаларнинг тез-тез содир бўлиши сабабли, йилнинг энг ташвишли мавсуми ҳисобланади.

Бу даврда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши кўпаяди. Албатта буни ҳеч ким инкор эта олмайди.

Айни сабабдан ҳукумат комиссиясининг тегишли баёни билан 15 ноябрдан – 15 декабргача республика ҳудудида "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги"ни ўтказиш белгиланди.

Бу ҳақда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш мақсадида АОКАда ўтказилган бирифингда ФВВ бошқарма бошлиғи ўринбосари, майор Мавлонбек Досчанов маълум қилди.

Қайд этилишича, "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" даврида:

- барча туркумдаги объектларда, айниқса, кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, бозор, йирик савдо мажмуалари ва аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда кенг қамровли профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилади;

- маҳаллаларда "хонадонбай" тартибида ўтказилаётган профилактик тадбирларда аҳоли ўртасида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари янада кучайтирилади;

- алоҳида эътибор тунда одамлар қоладиган масканларга, шу жумладан, "Меҳрибонлик уйлари", "Мурувват" ва "Саҳоват" уйларига қаратилиб, мунтазам равишда кўриклар ўтказилади.

Мазкур ойликда фуқаролардан электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмаларини доимий назорат қилиб бориш ва улардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш, корхона ва ташкилот раҳбарларидан эса давлат ёнғин назорати органларининг тавсиянома ёки ёзма кўрсатмаларидаги ёнғинга қарши тадбирларни ўз вақтида бажариш илтимос қилинмоқда.

    Бошқа янгиликлар