Андижон вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Журъатбек Қувватов тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинигича, 2022 йилнинг 8 августдаги Ўзбекистон Республикасининг ”Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-788-сонли қонунини қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонун 2022 йилнинг 10 ноябрь кунидан кучга кирган. Мазкур қонуннинг 13-моддасига кўра давлат фуқаролик хизматчисига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий бошқарув, маъмурий хўжалик вазифаларини бажаришга чекловлар қўйилган.
Таъкидланишича, Андижон вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Журъатбек Қувватов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.
Юқоридаги Қонун кучга кириши муносабати билан, Қонуннинг 19-моддасида таъкидланган манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш мақсадида Ж.Қувватов эгаллаб турган лавозимидан (Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи) озод қилинишини сўраб ариза билан мурожаат этган.
Маълумот учун: 2022 йил 18 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасига Куватов Журъатбек Дилшадбекович тайинлангани эълон қилинган эди.






