Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қурилиши бошланиш арафасида турган янги кўп қаватли уй-жой биноси бўйича қурувчи-тадбиркор ҳамда ички ишлар ходими ўртасидаги баҳсли ҳолат юзага келгани тасвирланган видео тарқалди.
"Darakchi.uz"га маълум қилинишича, Қурилиш вазирлиги масъулларидан иборат тезкор гуруҳ вазиятни ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудга бориб, ҳолатни ўрганишди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги тегишли қарори билан фуқаро М.Мирхўжаев номига Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи 10-мавзеда жойлашган 1-, 9- ҳамда 39-уйлар оралиғидаги 0,10 га ер майдонида кўп қаватли уй-жой биноси қуриш учун рухсат берилган. Ҳужжатлар йиғма жилдида тегишли давлат идораларининг буйруқларидан кўчирмалар ва баённомалар мавжуд.
2021 йилнинг 13 ноябрь куни Кўтарма МФЙ раиси ҳамда ҳудудга ёндош 1-, 9-, ва 39-уйларнинг вакиллари иштирокида ўтказилган кенгаш йиғилишида қурувчи ташкилот “AT Kvartal Build” МЧЖ директори У.Ҳолиқов томонидан ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, нонвойхона ва кексалар гузари қуриб бериш бўйича кафолат хати ёзиб берилган.
Шундан сўнг шу йилнинг февраль ойида ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ўз ташаббуси билан майдонда дарахтлар экишган. Вазирликнинг тезкор гуруҳи томонидан аҳолининг бу борадаги фикрини сўралганда улар дарахт экиш чоғида мазкур ҳудудда қурилиш бошланишидан бехабар бўлишганини маълум қилишган.
Ушбу эътирозли ҳолат юзасидан ўрганишлар давом этмоқда, - дейилади вазирлик хабарида






