Қочиб кетгани туфайли машинасининг эшиги синдириш орқали очилган ҳайдовчи жаримага тортилди (видео)
Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимлари машина ойнасини синдириш орқали ҳайдовчининг эшигини очишгани билан боғлиқ видео тарқалган эди.
Бугун мана шу ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми ҳамда 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилган А. Х. (2004 йилда туғилган) га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Иш ҳужжатларига кўра, ҳуқуқбузар 2022 йил 1 ноябрь куни соат тахминан 17:00 лар атрофида ўз бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинасини Юнусобод тумани Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган вақтида, ИИО ходимлари томонидан жезл ёрдамида тўхтатилганида, ҳайдовчи тўхташ ишорасига амал қилмай ҳаракатни давом эттириб, воқеа жойидан кетиб қолган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчи тўхтатилиб, ҳужжатларини текшириш жараёнида, ҳайдовчида автомашина бошқариш учун ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Қайд этилишича, суднинг қарори билан А. Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан унга узил-кесил, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
"Ушбу қарор устидан апелляция шикояти (протести) қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда берилиши мумкин", — дейилади хабарда.






