Ижтимоий тармоқларда томидан чакки ўтаётган мактаб синфхонасининг видеоси тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлигининг маълум қилишича, 9-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг биноси йўқлиги сабаб 2018 йилдан бошлаб Мактабгача таълим вазирлиги балансида бўлган Ўзбекистон маҳалласида жойлашган Қамаши Педагогика коллежи биносида вақтинчалик фаолият кўрсатиб келмоқда.
Мактабда 774 нафар ўқувчи ўқийди. 2 ноябрь куни кучли ёмғир ёғиши сабаб бинонинг 3-қаватдаги битта синфхона том қисмидан сув ўтиб кетган.
Масъуллар ўқувчилар учун бошқа синфхонадан шароит яратиб берилган. Айтилишича, бинонинг томи бутун бўлган, тарновларда чиқиндилар тўпланиб қолиши сабабли кучли ёмғир натижасида сув бинонинг том қисмига ўтиб синфхонага чакки томган. Туман халқ таълими бўлими эксплуатация ходимлари томонидан тарновдаги сув йўллари чиқиндилардан тозаланиб, ҳолат бартараф этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раислигида ўтказилган видеоселекторда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида оддий мактабни ихтисослаштирилган мактабга айлантириш чоғида масъуллар томонидан йўл қўйилган ўзбошимчалик ва ўз ишига совуққонлик учун туман ҳокимига ҳайфсан берилиб, ҳоким ўринбосари ва халқ таълими бўлими бошлиғи ишдан олинган эди.






