Бир муддат аввал Сурхондарёда шифокор калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат бўйича Ангор тумани ҳокимлиги муносабат билдириб, Ички ишлар бўлими томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Айни пайтда ССВ мазкур ҳодисага муносабат билдирди.
"Охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокор ва ҳамшираларга нисбатан куч ишлатиш ва тажовуз қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланиши кун тартибидаги муҳим масалага айланди. Ангор туманида содир бўлган юқоридаги ҳолат эса мазкур жараённи янада жадаллаштириш зарур эканини яна бир бор кўрсатди", — дейилади унда.
Вазирлик, шунингдек, шифокорга қандай ташхис қўйилганини очиқлади.
Маълум бўлишича, ўтказилган тиббий текширувлар давомида шифокор Ж.Э.га "бош мия ёпиқ жароҳати, оғиз пастки лаб юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг сон юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тери ости гематомаси, қорин бўшлиғи аъзолари лат ейиши, кучли қонталаш" ташхиси қўйилган.






