АсосийJamiyat

Кардиология марказида яна янги турдаги 15 дан зиёд юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилади

'Кардиология марказида яна янги турдаги 15 дан зиёд юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилади'ning rasmi

Бундай ўзгаришлар, энг аввало, беморлар ва шифокорларга қатор қулайликлар яратиб, ортиқча вақт ва харажатларнинг тежалишига хизмат қилмоқда. Хусусан, телемедицина тиббиёт муассасаларининг ихтисослашган марказлар ва хорижий клиникалар билан интеграциясини таъминлаш, беморлар аҳволини кузатиш, маслаҳат бериш ҳамда соҳа ходимлари ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда, деб хабар бермоқда ССВ матбуот котиби.

Шу боис бугун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан ҳам телемедицина орқали беморларга масофадан туриб ташхис қўйиш ва даволаш ишлари мунтазам олиб бориляпти.

— Айни пайтда муассаса ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари ўртасида ЭКГ телеметрик алоқа ўрнатилган, — дейди марказ директори ўринбосари Анвар Каримов. — Хусусан, ҳудудий тиббиёт муассасаларидан юборилган беморнинг кўрик натижалари мутахассисларимиз томонидан таҳлил қилиниб, ташхис ва даволаш бўйича керакли тавсиялар бериб борилмоқда.

Эътиборлиси, 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида беморларга 4 минг 850 та ЭКГ телеметрик тиббий маслаҳатлар берилди. Натижада олис ҳудудларда яшаётган кўплаб фуқаролар пойтахтга келмасдан туриб, малакали мутахассислардан даво ҳамда тиббий тавсия олиш имконига эга бўлди.

Яқин келажакда марказ клиникасини кўп тармоқли шифохона сифатида трансформация қилиш, муассасанинг юрак-қон томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораториясини 5 миллион АҚШ доллари ҳисобига замонавий ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Қолаверса, превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика лабораториялари, янги каминвазив кардиожарроҳлик ва операциядан кейинги тикланиш илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ҳисобига марказда яна 15 дан зиёд янги юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилади.

    Бошқа янгиликлар