АсосийJamiyat

“Украиналикларни ўлдирадиган” дронлар Тожикистонда ҳам ишлаб чиқарилмайди. Гордоннинг ҳарбий дронлар билан боғлиқ айбловлари яна рад этилди

'“Украиналикларни ўлдирадиган” дронлар Тожикистонда ҳам ишлаб чиқарилмайди. Гордоннинг ҳарбий дронлар билан боғлиқ айбловлари яна рад этилди'ning rasmi

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги украиналик блогер Дмитрий Гордоннинг ҳарбий дронлар ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ айбловларига муносабат билдирди. 

"Биз украиналик блогер Дмитрий Гордоннинг 2022 йил 28 октабрь кунги дастурида Эрон томони Тожикистонда “украиналикларни ўлдирадиган” дронларни ишлаб чиқаргани ҳақида айтган сўзларини рад этамиз.

Биз Тожикистон Республикаси учинчи давлатларга ҳарбий техника экспорт қилмаслигини таъкидлаймиз.

Биз жаноб Гордонга бундай изоҳларга диққат билан ёндашишни ва тарқатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширишни тавсия қиламиз.

Шунингдек, Тожикистон томонига расмий Киевдан ушбу масала бўйича ҳеч қандай сўров келиб тушмаганини маълум қиламиз", - дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз,  украиналик журналист Дмитрий Гордон исроиллик миллиардер Леонид Невзлин билан уюштирган интервьюсида Россия томонидан Украина билан урушда қўлланилаётган учувчисиз дронлар Эрон, Ироқ ва Ўзбекистонда йиғилаётгани ҳақида гапиргани ўзбекистонликлар орасида муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хабар асоссиз эканини маълум қилди. Мазкур баёнотдан сўнг украиналик журналист ўзбекистонликлардан узр сўраб чиқди ва у Тожикистон номини Ўзбекистон билан адаштириб юборганлигини қайд этди.

    Бошқа янгиликлар