Аввалроқ, Россиянинг Орлов вилоятида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини сафарбарликка жалб қилиш учун чақирувлар келгани ҳақида хабарлар тарқалган ва ҳолат Ўзбекистон томонидан назоратга олингани айтилган эди.
Айни вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб бориб, юртдошларимиз ва ташкилот раҳбари билан учрашди.
Маълум бўлишича, хатолик туфайли ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига сафарбарликка жалб қилиш учун чақирувлар берилган. Бу ҳақда иш берувчидан расмий хат олинди.
Россия Федерацияси президенти қарорига мувофиқ, чет эл фуқароларини сафарбарликка жалб қилиш мумкин эмаслиги юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда юртдошларимизнинг иш ва яшаш шароитлари билан танишилди.
"Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан яна бир бор ҳарбий ҳаракатларга аралашмасликни, низоли ҳудудларга бормасликни ҳамда бундай ҳолатларга дуч келса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа ваколатли ташкилотларга мурожаат қилишларини сўраймиз", - дейилади хабарда.






