Фуқаро Г.К.нинг Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлимига қилган мурожаатига асосан, Бош прокуратура ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Р.Ю. Зангиота тумани ҳокимининг 27.12.2012 йилдаги қарори билан «Ўртасарой» маҳалласи ҳудудидаги фуқаро С.Юлдашевга 30 йил муддатга ижара асосида ажратилган жами 1,0 гектар лалми ер майдонини 80 минг АҚШ долларига сотишга ҳамда ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришга ваъда бериб, келишилган пуллардан 10 минг АҚШ долларини ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган, дейилади хабарда.






