Бугун “Абу сахий”буюм бозоридаги кўп қаватли автотураргоҳда автомобиль ёниб кетди. Ҳодиса бўйича Чилонзор тумани ҳокимлиги расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, бугун, 27 октябрь куни соат тахминан 6:52 ларда “Тошкент савдо маркази” ҳудудида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳнинг 5-қаватида Бойигитов Алиқўзи Тиллаболдиевичга тегишли давлат рақами 01 L 250 ВВ бўлган “Orlando” русумли автоуловининг двигатель қисмида техник носозлик сабабли қисқа туташув бўлган. Натижада, автоулов капот остидаги электр симларида ёнғин келиб чиққан.
Мазкур ҳолат “Тошкент савдо маркази” Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ходимлари томонидан соат 7:10 ларда тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган, шунингдек, бино ва атрофдаги бошқа авто уловларга ҳам зарар етказилмаганлиги маълум булди.
Ҳозирда туман ФВБ томонидан автотураргоҳда ёнғин сабаблари ва ёнғин хавфсизлиги ҳолатлари текширилмоқда.






