Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун лойиҳаси билан “манафаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, ушбу вазият кимлар ўртасида ва қачон вужудга келиши мумкинлиги тўғрисида аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Давлат ташкилоти ходимлари, уларнинг яқин қариндошлари ва уларга алоқадор шахсларнинг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат ташкилотида аниқланган манфаатлар тўқнашуви вазиятларини ҳисобга олиш реестри юритилиши, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг номи ва мазкур ҳужжатдаги айрим нормалар депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Қизғин бахс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан берилган таклифлар эътиборга олинди ва ушбу ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилинди.
Депутата Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ўзи билан меҳнат шартномалари бекор қилинган ёки лавозимидан озод этилган ходимлари икки йил давомида охирги иш жойида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотлар ёки уларнинг таркибий тузилмалари томонидан ушбу ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга оширган ташкилотнинг коррупцияга қарши назорат бўлинмаси мансабдор шахсларнинг хулосасига асосан ишга қабул қилинади.
"Демак, бундан буён давлат идорасида ишлаш учун кўп нарсадан воз кечишга тўғри келади. Давлат ишини чидаганга чиқарган, деганлари шу бўлса керак. Лекин барибири ҳамма гап бу каби қонунларнинг амалда ишлатилишида қолади", - дея муносабат билдирган депутат.






