Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари ва спикер Акмал Саидов гап талашиб қолди (видео)
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Унда депутатлар томонидан: "Белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар ҳам Палата томонидан текшириладими",- деган савол берилди.
Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Ўткир Жуманов: "Биз бюджет маблағлари ажратилган жамғармаларни текширамиз, агар топшириқ бўлса, ҳаммасини текширишга ҳаққимиз бор. Топшириқ ким томонидан берилишини яхши биласиз!",- дея жавоб берди.
Бу жавобга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов кескин норозилик билдирган.
"Топшириқ қонун асосида бўладими, шуни этингда. Парламент ҳузурида фонд бор. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги жамоат фонди бор. Уларни ҳам текширасизларми? Қайси қонун асосида? Боя ҳам айтдим. Ҳисоб палатасининг вазифаси битта. Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш. Бундан бошқа нарсага ҳеч қанакқасига бурнингизни тиқишга ҳаққингиз йўқ сизни. Фуқаролик жамияти, хусусий ўзи ташкил қилиши мумкин. Қачонгача, қонунни биласизларми ўзи? Қаерда гапирётганингизни билинг. Бу ер Қонунчилик палатаси. Сиз тўғрингиздаги қонун ҳам шу ерда қабул қилганмиз", — дейди у тутоқиб.






