Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилояти Бойсун туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фуқаро томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар тарқалди. Вилоят ЙҲХБ ҳодисага аниқлик киритди.
Қайд этилишича, Бойсун тумани “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспектори сержант И. П. томонидан назорат тариқасида тўхтатилган “NEXIA” автомашина ҳайдовчисининг шахси планшет махсус мосламаси орқали текширилганида фуқаро М.А га нисбатан қидирув эълон қилинганлиги аниқланади.
ЙПХ инспектори ҳайдовчини қидирувда эканлигини, ўзи билан туман ИИБга бориши кераклигини айтади. Фуқаро қонуний талабга бўйсунмай, инспекторга фаол қаршилик кўрсатиб, уриб тан жароҳати етказади.
Инспекторнинг қўлидан ўзига тегишли хужжатларини олиб воқеа жойидан кетишга урунган вақтида шу яқин атрофда хизматга жалб этилган ИИО ходимлари етиб келиб, фуқаро Бойсун тумани ИИБга олиб борилган.
"Суд тиббий экспертизасининг 16.10.2022 йилдаги дастлабги маълумотномасига кўра инспекторда енгил тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилиб, ҳолат юзасидан Бойсун тумани Прокуратураси томонидан фуқаро М.А га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилади хабарда.






