Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек РАСУЛОВнинг таъкидлашича, амалдаги Конституциянинг 53-1-моддасига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартишлар амалиётга жорий этилса, келажакда Ўзбекистон аҳолисининг фаровонлигини таъминлайдиган тизимнинг ҳуқуқий асоси пайдо бўлади, тадбиркорликка кенг имкониятлар яратилади, хусусий мулкчиликка устуворлик бериш каби қатор масалалар ечимига замин яратилади.
– Аҳоли фаровонлиги, биринчи навбатда, мамлакатдаги хусусий мулкчилик соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш механизмларига ҳамда янги иш ўринларини яратиш тизимини қандай йўлга қўйилганига боғлиқ, – дейди иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек РАСУЛОВ. – Бинобарин, амалиётда аҳолининг фаровонлиги уларнинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий неъматлар билан таъминланиш ҳолатига қараб баҳоланади.
Шунинг учун кишиларнинг ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши ёки жамиятда маълум бир мавқега эга бўлиши учун маълум даражада зарур неъматлар керак. Мазкур неъматлар бир қанча эҳтиёжни ўз ичига олади. Буларга мисол қилиб меҳнат шароити, таълим соҳаси, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, уй-жой, иш билан бандлик, муносиб иш ҳақи каби эҳтиёжларни айтишимиз мумкин.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасига кўра, аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири бу – фуқаролар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, инсон капиталига жиддий эътибор қаратиш, тадбиркорликни ривожлантиришдир. Шу сабабли аҳолининг фаровонлигини ошириш ҳамда бозор муносабатларини янада эркинлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида келгуси беш йилликда қуйидагиларни амалга ошириш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган:
- ЯИМ ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш ҳамда камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартириш;
- маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш;
- 2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш;
- мактабларда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш ҳамда дарсликларни янгилаш, шунингдек, давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълим қамровини 80 фоизга етказиш;
- хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни янада кенгайтириш ва улар орасидаги ишсизликни 2 бараварга қисқартириш.
Мутахассисларнинг фикрича, аҳоли фаровонлигига таъсир кўрсатадиган энг муҳим омиллардан бири бу – демографик кўрсаткич, яъни аҳоли сони ҳисобланади. 2022 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич мамлакатимизда 35,6 млн. кишини ташкил этиб, 1991 йилга нисбатан 15,0 млн. кишига, яъни 72,8 фоизга ўсган.
Аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатадиган яна бир муҳим кўрсаткич бу мамлакатдаги камбағаллар сони ҳисобланади. Ҳозир мамлакатимизда камбағаллар сони аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этиб, бу тахминан 4,2-5,3 млн. атрофида деганидир. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йилга қадар камбағалликни 2 бараварга қисқартириш вазифасини қўйилди.
Иқтисодиётда аҳоли фаровонлигига таъсир этувчи яна бир муҳим омил борки, у бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки барча давлатлар иқтисодиётида муҳим ўрин эгалламоқда, бу – истеъмол саватчаси ҳисобланади.
Шунинг учун келгусида мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини таъминлаш, уни давлат томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш мақсадида амалдаги Конституциянинг 53-1-моддасига “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди”, деган нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Фикримизча, мазкур норма амалиётга жорий этилса, келажакда Ўзбекистон аҳолисининг фаровонлигини таъминлайдиган тизимнинг ҳуқуқий асосини пайдо бўлади. Шу билан бирга, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлган тадбиркорликка кенг имконият яратиш, хусусий мулкка устуворлик бериш, иқтисодиётни эркинлаштириш, бозор муносабатларини ривожлантириш ҳамда хуфёна иқтисодиёт кўламини қисқартиришга замин яратилади.






