АсосийJamiyat

Бўстонлиқдан чиқишда чиқинди қабул қиладиган экопункт ташкил этилди

'Бўстонлиқдан чиқишда чиқинди қабул қиладиган экопункт ташкил этилди'ning rasmi

Туризм ва маданий мерос вазирлиги, "Чорвоқ" ТРЗ дирекцияси ва Бўстонлиқ туманининг “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамкорлигида Бўстонлиқдан чиқишда сайёҳлардан чиқиндиларни қабул қилиш учун экопункт ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, ушбу экопункт Бўстонлиқ туманининг Қоронкўл посёлкасида, Қоронкўл масжиди қаршисида жойлашган.

Қолаверса, экопунктда чиқиндиларни қандай топшириш ва бу ташаббус учун қандай совғалар олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берувчи баннер ҳам ўрнатилган.

Бунда Бўстонлиқ туманида дам олгандан сўнг, ён-атрофдаги чиқиндилар йиғиб олинади, чиқишда йиғилган чиқинди топширилади ва рамзий совға олинади. 

Нималар учун совға олиш мумкин?

Чиқинди топширганлик учун.

Ўзингизнинг ва бошқаларнинг чиқиндиси учун.

Сараланган чиқинди учун.

Шу тариқа, топширилган чиқиндига қараб иштирокчилар «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан совғалардан ташқари профессионал инструкторлар билан Угам дарёсида рафтинг учун 15 фоизлик чегирма ҳамда «Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг ҳамкорларидан бўлган бошқа совғаларга эга бўладилар.

“Экопунктлар чиқиндиларнинг камайишига муносиб ҳисса қўшади. Бўстонлиқ туманига бир дам олиш кунида 45 мингдан ортиқ одам ташриф буюради. Ҳар бир киши ҳеч бўлмаса бир дона шиша ёки егулик ўрамини топширса, бу чиқиндига қарши курашдаги ғалабадир. Фурсатдан фойдаланиб, қизиққан ҳамкорларни ушбу акцияда иштирок этишга таклиф қиламиз”, – дейди "Чорвоқ" ТРЗ дирекциясининг стратегик ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алина Абдураззоқова.

 

    Бошқа янгиликлар