Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 3-4 октябрь куни Венгрия Республикасига қилган расмий ташрифи икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланиши ҳам бу борадаги муҳим амалий ишлардан бири бўлди. Бу ҳақда Экология қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Меморандумга асосан давлатлар ўртасидаги атроф-муҳит соҳасидаги ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши режалаштирилган:
- ҳаво ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва мониторинг қилиш;
- иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик, иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга ва иқтисодиётнинг потенциал заиф тармоқларига таъсирини таҳлил қилиш;
- қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича экологик таълим ва тарғибот ишларини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар.
Ушбу меморандум икки давлат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро маълумот ва тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва бошқа устувор йўналишларни сифат жиҳатидан янги босқичда янада ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади.






