Қирғизистон раҳбари 14−17 сентябрда тожик-қирғиз черагасида юз берган тўқнашувлар юзасидан ўз халқига мурожаат қилди.
С.Жапаров ўз мурожаатида Ватан ҳимоясида ҳалок бўлган ҳар бир аскарнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Унинг оиласи, фарзандлари келажаги учун давлат ғамхўрлик қилишини билдирди.
Мурожаатда айтилишича, айни пайтда барча давлат органлари кучайтирилган режимда ишлаб, воқеа-ҳодисалар оқибатида жабрланганлар соғлиғини тиклашмоқда.
Таъкидланишича, мамлакатда можаролар пайтида вайрон бўлган ва ёниб кетган уйларни зудлик билан тиклаш имконияти мавжуд.
Айни дамда чегара зонасида ҳалокатли отишмалар тўхтаган, бироқ интернетда турли провокацион баёнотлар эълон қилинишда давом этмоқда. Президент тўқнашувлар вақтида аҳолини фақатгина расмий идоралар тақдим этган маълумотларга таянишга, ёлғон ахборотларга ишонмасликка чақирди.
"Азиз қирғизистонликлар, ота-боболаримиз азалдан сўзга катта аҳамият берган. Интернетдаги провокацион маълумотларга берилманг. “Ғазаб – душман, ақл – дўст”, дейдилар, шунинг учун ғазаб қўзғатувчиларнинг тузоғига тушманг, тахмин ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонманг. Биз билан бирдам бўлган стратегик ҳамкорларимиз, дўст мамлакатлар ва халқларимизга туҳмат қилаётган провокаторларнинг чиқишларига қулоқ солманг", - дейди президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, давлат чегаралари билан боғлиқ баҳсли масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.
"Маълумки, Ўзбекистон Республикаси билан чегарадаги барча участкалар тартибга солинган ва уларни расмий ҳужжатлаштиришгина қолади. Бугунги кунда фақат Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудлар кўрсатилмаган ва муаммо туғдирмоқда. Биз қирғиз-тожик чегарасидаги келишмовчиликларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилишда давом этамиз", – дейди Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда қирғиз-тожик чегарсида вазият таранг бўлиб турибди. Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувларда Қирғизситондан 59 киши, Тожикистондан эса 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Қирғизистонда бугун, 19 сентябрь — миллий мотам куни деб эълон қилинган. Тожикистонда эса эртага, 20 сентябрь кунини мотам куни деб эълон қилиниши кутилмоқда.






