Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари Сергели туманида ҳам бошланди.
Жумладан, ушбу туманга бириктирилган Бош прокуратура томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда “Асакабанк” акциядорлик-тижорат банки бошқаруви билан ҳамкорликда салоҳиятли ишчи гуруҳи шакллантирилди ва унинг аъзолари маҳаллалардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига масъул этиб белгиланди.
Бош прокуратура хабарига кўра, дастлаб ишчи гуруҳ томонидан туман секторлари масъуллари билан биргаликда барча маҳаллалардаги кўчалар, хонадонлар ва бошқа объектлардаги мавжуд аҳвол ўрганиб чиқилган.
Ўрганишлар асосида қилинадиган ишлар, улар учун масъуллар, муддатлар ва молиявий манбалар аниқ белгилаб олинган.
Хусусан, қисқа муддатларда экилиши лозим бўлган мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатларига бўлган эҳтиёж ҳисоб-китоб қилиниб, буюртмалар шакллантирилгани айтилмоқда.
Мазкур буюртмалар асосида келтирилган ниҳолларни экиш эса кечадан бошлангани айтилмоқда.
"Кўтаринкилик ва уюшқоқлик билан бошланган ҳамда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар Бош прокуратура томонидан доимий мувофиқлаштирилиб борилмоқда",-дейилади хабарда.






