Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Сирдарё” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган “Волво” русумли юк машинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Текшириш жараёнида машинада И.Р.га тегишли ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 21 дона бронзага ўхшаш қаттиқ жисмдан турли шаклларда ўйиб ясалган тарихий буюм борлиги аниқланган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази томонидан экспертизага тақдим қилинган 21 дона буюмда бир хил орнамент (нақш) ва ўймакорлик шакллари борлиги, тош бўлакчаларнинг бир хил вазнга эгалиги, уларнинг XI–XIII асрларга оид ноёб топилмалар ҳисобланиши ҳамда Ўрта Осиё метрологияси учун муҳим тарихий манба экани тўғрисида маълумот берилган.
Шунингдек, Агентлик мутахассисларининг хулосасига кўра ушбу 21 дона буюм амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, тарихий қийматдаги бойликлар экани ва умумий қиймати 210 миллион сўмни ташкил этиши ҳамда уларни Ўзбекистондан олиб чиқиш тақиқлангани маълум бўлган.
Қайд этилишича, юқорида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






