Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Фуқаролар томонидан ва ижтимоий тармоқларда ушбу қарор лойиҳаси бўйича бир қатор саволлар берилиб, кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, бугун АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида ўтказилган брифингда мавзу юзасидан маълумот берилди.
Айтайлик давлат хизматчиси мазкур кодексда белгиланган обод-ахлоқ қоидаларини бузди. Бунинг учун жавобгарлик белгилаш ҳам ушбу кодексда ўз тасдиғини топганми?
Ушбу саволга матбуот котиби томонидан қуйидагича жавоб берилди:
"Давлат хизматининг нуфузини баҳоловчи мезонлардан бири жамоатчиликнинг фикри ҳисобланади, шу боис давлат органининг ўз нуфузини янада ошириш мақсадида фуқаролар билан қайта алоқа механизмларидан самарали фойдаланиши зарур.
Хусусан, фуқаролар томонидан давлат хизматчисининг Кодексда белгиланган талабларга риоя қилмаслик ҳолати ҳамда коррупцияга оид хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат ва хабарларни алоқа каналари орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисида хабар берган шахсларнинг дахлсизлиги таъминланиб, унинг таъқиб қилинишига йўл қўймайди.
Бундан ташқари кодекс талаблари бузилган ҳолларда, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб, меҳнат қонунчилиги ва давлат махсус хизматига кирувчи давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ички идоравий ҳужжатларига (устав) асосланган ҳолда интизомий жавобгарлик тортиш масалалари енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда амалга ошириш белгиланмоқда.
Қайд этиш керакки, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг (АҚШ, Болгария, Сербия, Аргентина, Молдова, Россия, Қозоғистон ва бошқалар) давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ муносабатларини тартибга солишга қаратилган ягона ҳужжат кўринишида қабул қилинган қонунлар, фармонлар ва бошқа турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.
Лойиҳа қабул қилинса, барча давлат ташкилотларидаги ички одоб-ахлоқ қоидалари мазкур ҳужжат асосида қайта ишлаб чиқилади ҳамда жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади."






