Бугун, 11 декабрь куни жорий мавсумни “Андижон” жамоаси сафида ўтказган футболчи Диёр Раҳимқулов автоҳалокатга учраб вафот этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Бесўроқ ўлим ёшми, қарими, олиб кетаверар экан. Иқтидорли, инсонийлик ҳислатлари юқори бўлган футболчиларимиз сони биттага камайди. Асли, “Бунёдкор” клубига тегишли бўлган, якунига етган мавсумни эса андижонликлар таркибида ижара асосида ўтказган, энди 20 ёшни қарши олган Диёр Раҳимқулов автотўқнашув натижасида ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақидаги хабарни олдик. Келажаги порлоқ, Олимпия терма жамоасига номзод ҳисобланган марҳумнинг яқинлари, оила-аъзоларига “Андижон”клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби, бирга тўп сурган жамоадошлари номидан чуқур қайғуда эканлигимизни билдириб, ҳамдардлигимизни изҳор этамиз. Охирати обод бўлсин!” дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 19 ёшли Диёр Раҳимқулов 2021 йилги мавсумда "Андижон" клубида ижара асосида тўп сурганди. Унинг трансфер ҳуқуқи "Бунёдкор"га тегишли.






