Бугун, 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди. Қуйи палата Матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур мажлис "UzReport" телеканали орқали, шунингдек, "Ўзбекистон24" телеканалининг "Янгиликлар" дастури орқари ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатилиши керак эди. Онлайн кўриш манзили ҳам эълон қилинди. Бироқ, Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлиси тўғридан-тўғри эфирга бор-йўғи 48 минут кетди. Мазкур жонли эфир вақтида мажлисни очиб беришга, депутатлар фақат Мадҳия қабул қилинган кун муносабати билан фикр-мулоҳазалар билдиришга улгурдилар. Жонли эфир вақтида бирор-бир масала кўрилмади. Роппа-роса 48 минутлик жонли узатишдан сўнг мажлис онлайн тармоқдан ҳам, телеканалдан ҳам узилди.
Ваҳоланки, мажлисда депутатлар кўриб чиқиши лозим бўлган, жамоатчилик билиши керак бўлган қатор масалалалар кун тартибидан жой олган эди. Жумладан, “Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунлар ва яна аҳоли учун муҳим ҳисобланган бошқа қонун лойиҳалари муҳокамасини жонли кўриш, депутатлар позициясини билиш имкони кутилаётган эди.
Ҳозирча, ҳолат бўйича Қонунчилик палатаси томонидан ёки бирор масъул ташкилот томонидан изоҳ берилмади.
"Darakchi.uz" таҳририяти






