UFA ҳамда Япония футбол ассоциацияси ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга мўлжалланган навбатдаги музокаралар ўтказилди. Видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган ушбу учрашувда икки мамлакат футболини ривожлантириш, аёллар футболини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистонга Япониядан мураббий ва мутахассисларни жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинган.
"Дастлабки музокараларда UFA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийлиги ва ҳудудий академияларнинг техник директорлиги лавозими учун Япониянинг тажрибали мутахассислар хизматларидан фойдаланиш ташаббуси билан чиққан эди.
Ўз навбатида Япония футбол ассоциацияси ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ҳар иккала давлат учун ҳам фойдали эканлигини маълум қилди",-дея хабар бермоқда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси.
Келишувга кўра, аёллар терма жамоасига номзод бош мураббий ва унинг ёрдамчиси келаси йилнинг январь ойида, ҳудудий академияларнинг техник директори эса февраль ойида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Мазкур мутахассисларга аёллар футболини ривожлантириш тизимини йўлга қўйиш ва машғулотларни илмий-таҳлилий ёндашув дастурлари асосида ташкил этиш каби вазифалар юклатилади.






