Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун,12 ноябрь куни кечаси Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди.
Давлат раҳбари Туркия етакчисини Туркий давлатлар ташкилотининг тарихий саммити муваффақиятли ўтказилгани ва ушбу нуфузли минтақавий тузилмага раисликни қабул қилиб олгани билан яна бир бор табриклади, дея хабар беради Президент матбуот котиби.
Таъкидланишича, Президентлар Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги бугунги юқори суръатларни сақлаб қолиш, товар айирбошлашни кўпайтириш, икки мамлакат етакчи корхона, компания ва банклари кооперациясини кучайтириш муҳим экани айтилган.
Гуманитар алоқалар фаоллашгани, Ўзбекистон ва Туркияда маданий тадбирлар мунтазам ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилган.






