— Эшитишимга қараганда, тожик ёки ўзбек йигитлари бошқа миллатга мансуб қизга уйланса қонуний никоҳдан ўтишда албатта ота-онасининг розилиги керак бўларкан. Шу тўғрими?
Саволга Тойлоқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси Ситора Садриддинзода жавоб берди.
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Яъни, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шунингдек, Оила кодексининг 14-моддасига биноан, никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, никоҳ тузишга мақсад қилган фуқаролар ортиқча тазйиқларсиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилган ҳолда қонуний никоҳдан ўтишади. Никоҳ тузилаётган пайтда фукароларнинг миллати турлича бўлганлиги учун бошқа учинчи шахслардан розилик сўраш талаб этилмайди.






