АсосийJamiyat

Қуйи Чирчиқда 1 ёшли боланинг операцияси учун 80 миллион сўм ажратилди

'Қуйи Чирчиқда 1 ёшли боланинг операцияси учун 80 миллион сўм ажратилди'ning rasmi

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Малоҳат Эгамбердиева “Темир дафтар”да рўйхатда туради. Унинг бир ярим яшарлик фарзанди Султонмурод бош мияда пайдо бўлган ўсимта сабаб хорижда жарроҳлик амалиётини ўтказишига тўғри келганди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошида ташкил этилган "Саҳоват ва кўмак" жамғармаси Тошкент вилоят бўлими бошқаруви ҳамда унинг Қуйи Чирчиқ туман бўлинмаси томонидан мазкур жарроҳлик амалиёти учун 80 миллион сўмлик моддий ёрдам пули ажратилди. Айни вақтда кичкинтойни хорижга олиб кетиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштириляпти.

Шунингдек, мазкур туманнинг "Уччинор" маҳалласида яшайдиган, “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи фуқаро Одинахон Назарованинг 2012 йилда туғилган қизи Фарангизга шифокорлар томонидан буйрак кассаллиги ташхиси қўйилган эди. Қизчани тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш учун жамғарма кўмагида 20 миллион сўм ҳажмида бир марталик моддий ёрдам берилди.

Шу билан бирга, тумандаги “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи 25 нафар фуқарога 2 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдамлар берилди.

Янгийўл тумани "Обод" маҳалласида яшовчи Ойжамол Худойназарованинг мурожаатига биноан туман ҳокимлиги ва "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ҳудудий бўлинмаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Мазкур фуқаро 3 нафар фарзанди ва 2-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғининг ёлғиз боқувчиси ҳисобланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг ҳали қурилиши якунланмаган уйини тиклаб олиши учун керакли бунёдкорлик ашёлари масъуллар ёрдамида олиб бориб берилди.

Ўтган вақт давомида фонд томонидан ҳудуддаги 87 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. 22 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 40 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, табиий офатдан жабр кўрганлар шулар жумласидандир.

    Бошқа янгиликлар