Ноябр ойи “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ноябр ойи “Кексалар туризм ойлиги” дея эълон қилинган.
Кексалар ойлигини муносиб ўтказиш, уларнинг дам олишларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида Республикадаги 223 та жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари) хизматлари учун - 50 фоизгача, 204 та умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 1-30 ноябр кунлари Республика ичидаги авиақатновларда 60 ёшдан юқори эркаклар ва 55 ёшдан юқори бўлган аёллар учун эконом ва бизнес тоифаларининг (ЛПР3М, УПР3М, СПР3М, ОПР3М ташқари) жорий нархларга 25 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.
Бундан ташқари, ноябр ойида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан мамлакат ичидаги амалдаги тарифларга 10 фоиз миқдорда ҳамда “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар амал қилади.
Шу билан бирга, кексаларни зиёратгоҳ ва маданий мерос обектларига кириш учун Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги 6 та зиёратгоҳга нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун 50 фоиз миқдорида чегирмалар белгиланган.
Маданий мерос агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 24 та маданий мерос обектларига кириш учун 20 фоиз миқдорда чегирмалар жорий этилган.






