АсосийSport

Ўзбек белбоғли кураши бўйича Европа чемпионати ўтказилди

'Ўзбек белбоғли кураши бўйича Европа чемпионати ўтказилди'ning rasmi

7-10-октябр кунлари Украинанинг Лвов шаҳрида тарихда илк бор белбоғли кураш спорти бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Европа чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада жами 100 нафарга яқин полвон -65 кг, +65 кг, -90 кг ҳамда +90 кг вазн тоифаларида ғолиблик учун беллашди. Европа чемпионатида ҳамюртимиз, халқаро тоифадаги ҳакам Неъматулла Тўйчиев бош ҳакам сифатида фаолият кўрсатди. Юксак савияда ташкил этилган мусобақада ҳакамлар беллашувларни белбоғли кураш спортида қўлланиладиган соф ўзбекча атамалар асосида бошқариб боришди.

Европа чемпионати якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўрин Полша терма жамоасига насиб этди. Мезбон украиналик курашчилар эса 2-ўринга лойиқ кўрилган бўлса, литвалик полвонлар умумжамоа ҳисобида 3-ўринни банд этишди. Ҳар бир вазн тоифасида кучли учликдан жой олган полвонлар Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан медал, диплом ва эсталик совғалари билан мукофотланишди.

Шунингдек, Лвовда Украина белбоғли кураши бўйича ҳам Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда тўрт нафар спортчимиз муносиб иштирок этди.

Дунёнинг 16 давлатидан 200 нафарга яқин полвон қатнашган мусобақанинг классик ва эркин йўналишларидаги беллашувлар ҳамюртларимиз учун омадли кечди. Жумладан, +90 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Рустам Умаров (Наманган) олтин медалга сазовор бўлди.

-90 кг вазнда Музаффар Соиббоев (Наманган), +90 кг вазн тоифасида Латифжон Бадалов (Наманган) ҳамда қизлар ўртасида +65 кг вазнда Саҳобат Шералиева (Фарғона) бронза медалига эга чиқишди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу чемпионат Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси кўмагида ташкил этилди. Дарвоқе, мазкур ташкилот жорий йилнинг 27-сентябр санасида Литванинг Вилнюс шаҳрида расман Европа Иттифоқидан рўйхат ўтказилган.

Европа чемпионати доирасида Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг таъсис Конгресси ҳам бўлиб ўтди. Конгрессда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан амалга оширилаётган ишларга оид ахборотлар тингланди. Бир қатор ташкилий масалалар ҳамда ижроқўм аъзолари сафини яна-да кенгайтириш, чунончи, Осиё ва Пан-Америка белбоғли кураш федерацияларини тузиш хусусида ҳам ўзаро келишиб олинди. Демак, бу жараён ўз-ўзидан миллий спортимиз – белбоғли курашнинг ер курраси бўйлаб тобора кенг оммалашиб бораётганидан дарак беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Европа чемпионати ва Украинча белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпионати ҳамюртларимиз – Халқаро белбоғли кураш ассоциацияси раҳбариятидан Азиз Ғаниев, Мўмин Муратов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар раҳбарлигида ўтказилди.

    Бошқа янгиликлар