Аввал хабар қилганимиздек, 25-27 март кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти клубида 1998-2004 йилда туғилган болалар ва ўсмирлар ўртасида конкур (тўсиқларни ошиб ўтиш) бўйича халқаро мусобақалар бўлиб ўтди. Мазкур очиқ турнирда Ўзбекистон, Россия, Германия, Қозоғистон ва Қирғизистондан ёш спортчилар иштирок этишди.
27 март куни мазкур турнир доирасида “гран-при” ҳамда Ўзбекистон от спорти федерецияси раиси кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Иштирокчилар 125 сантимертли тўсиқларни ошиб ўтиш бўйича куч синашдилар. Ушбу баҳсларда ҳам ҳамюртларимизнинг қўли баланд келди. Ўзининг “Эштон Валлей” лақабли отида белгиланган масофани 42 сонияда босиб ўтган Абдулазиз Собиржонов биринчиликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин “Чикан” лақабли тулпорида 38 сонияда етиб келган Абдураҳмон Абдуллаевга насиб этди. “Наврўз” лақабли оти билан 37 сониялик натижа қайд этган Нодир Мирсаидов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ўзбекистон От спорти федерацияси раиси кубоги беллашувлари ҳам ёш чавандозларимизнинг мутлақ ғалабаси билан якунланди. Унда барча тўсиқларни 56 сонияда бехато ошиб ўтган Абдушукур Собиржонов биринчиликни қўлга киритди. Маррага 64 сонияда етиб келган Аъзам Раҳматов иккинчи, 65 сонияда маррани забт этган Муҳаммадсодиқ Каримбердиев эса, учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва иштирокчиларга диплом ва медаллар, қимматбаҳо совғалар топширилди.





